Эртанги кунини хотиржам, кўнгли тўқ, осойишта қарши олган одамга яшаш жуда қадрли ва азиз туюлади. Бу ҳисни, айниқса, кексайганингизда чуқур сезар экансиз.
Бизнинг "Кангли” овулимизда истиқлол йилларида жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилди. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида бунингдек бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари авж олаётганидан биз кексалар жуда қувонамиз. Мустаҳкам ишонч, эртага бугунгидан ҳам яхши ва фаровон яшашга бўлган интилиш овулимизда ҳар куни бир хайрли ўзгаришларга омил бўлаётир.
Шу йилнинг 16 июлидан "Халқ банки” туман филиали ходимлари ўзларига ажратилган махсус хонада белгиланган жадвалга мувофиқ пенсия пулларини тарқата бошлади. Ҳамма тинч, хотиржам пенсияларини олаётганидан хурсанд.
"Қангли” овул фуқаролар йиғини маъмурий биноси яқинида профилактика инспектори учун беш хонали уй биноси қурилиши бошланди. Бино Юртбошимиз таъкидлаганларидай, шу эл одамларига эл бўлиб яшаб, тинч-осойишталигини кўз қорачиғидай асрашга хизмат қиладиган ички ишлар ходимига берилади, албатта.
Овул ҳудудидаги 79-сонли мактаб биносига қўшимча уч хона қурилаяпти. Мактаб синфхоналарининг кенгайиши ўқувчиларга таълим беришда янги имкониятлар очиши билан бизни қувонтиради.
Овулнинг тадбиркор ва интилувчан ўғлони Ярашбой Отажонов ўз маблағи ҳисобидан 5 хонали хусусий дўкон биносини қуриб битказиб, элга хизмат кўрсата бошлади.
Мамлакатимиз бўйлаб қишлоқ врачлик пунктлари оптималлаштирилганида, бизнинг овулимизда жойлашган "Қангли” ҚВП шаҳар марказидан анча олисда бўлганлигидан фаолияти сақлаб қолинди.
Биз кексалар бунинг учун соҳа ва туман раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Чунки биз истиқлолга эришилмасидан илгари дала меҳнаткашларига фақат ишчи кучи сифатидагина қаралган, инсоний қадр-қиммати, унинг соғлиги ҳақида ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган даврларни ҳам бошимиздан ўтказганмиз. Шунинг учун ҳам Юртбошимизнинг халқ билан мулоқот қилиб, турмушидаги муаммоларини ўрганиб, ижобий ҳал қилиб, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига интилаётганини ўйлаганимизда бошимиз кўкка етади. Кексайган чоғимизда бўлса-да, шундай кунларга етказганига шукурлар айтиб, юртимиз эртаси бугунимиздан-да порлоқ бўлишини тилаб, дуолар қиламиз.
Барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 26 йиллиги билан бутун овулимиз кексалари номидан табриклайман.
Ўрозбой ТОЖИЕВ,
77 ёшли пенсионер, Қангли овули.
Манба: amunews.uz