Айни кунларда ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътилини мазмунли ва мақсадли ўтказишларига кўмаклашиш мақсадида халқ таълими тизимидаги барча мактаблар ўқувчилари орасида "Ёз – 2017” спорт ўйинлари ўтказилмоқда.
Яқинда "Манғит” болалар спорт комплексида мазкур ўйиннинг енгил атлетика бўйича туман босқичи мусобақалари бўлиб ўтди.
Унда 1-4- ва 5-6-, 7-8-синфлар ўқувчилари ўртасидаги ҳудудий босқич мусобақалари ғолиблари ўзаро куч синашдилар.
Ўқувчиларнинг югуриш, югуриб келиб узунликка сакраш борасидаги маҳорати синовдан ўтказилган ушбу мусобақа қизғин курашларга бой бўлди. Ғолиблар медаль ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотланди.
Мусобақа натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни 35-сонли мактаб, иккинчи ўринни 52-сонли мактаб, учинчи ўринни 71-сонли мактаб ўқувчилари эгаллашди.
Туманимиз ёш спортчилари "Ёз-2017" спорт мусобақаларининг туманлараро ҳудудий ва Қорақалпоғистон Республикаси финал босқичида ҳам яхши натижаларни қайд этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олишди.
Зарифбой ЭШНИЁЗОВ,
мусобақа бош ҳаками, 52-сонли мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси.
Манба: amunews.uz